Akmal Saidov

Akmal Saidov

Акмал Холматович Саидов – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик, юридик фанлар доктори, профессор.

А.Саидов 1958 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота қишлоғида туғилган. 1981 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1984 йили номзодлик диссертациясини ёқлаган. 1990 йилда – юридик фанлар доктори илмий даражасини, 1993 йилда халқаро ва қиёсий ҳуқуқ профессори илмий унвонини олган. 2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. 

1992-1993 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институти директори, 1993-1994 йилларда Тошкент Давлат юридик институти ректори лавозимларида фаолият юритган.

А.Х.Саидов 1994-1996 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий вакили сифатида фаолият кўрсатган. Фавқулодда ва мухтор элчи мартабасига эга.

1996 йил октябрь ойидан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори лавозимида ишламоқда.

А.Х.Саидовнинг парламентаризм соҳасида қарийб 30 йиллик амалий тажрибаси бор. 2000-2020 йиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси бўлган. 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ҳисобланади.

2019-2020 йиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси, 2019 йилдан бошлаб Парламентлараро иттифоқнинг Ижроия қўмитасининг аъзоси, 2020 йилдан – ушбу Иттифоқнинг вице-президенти этиб сайланди.

Қиёсий ҳуқуқшунослик, халқаро ҳуқуқ, конституциявий ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи бўйича 30 та дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари, 350 дан ортиқ рисола ва илмий мақолалар муаллифидир. Асарлари АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Германия, Франция, Польша, Бельгия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатларда чоп этилган.

А.Х.Саидов Конституциявий ҳуқуқ халқаро ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси, Халқаро қиёсий ҳуқуқ академиясининг мухбир-аъзоси, Франция Қиёсий қонуншунослик жамиятининг хорижий аъзоси, Осиё ва Тинч океани минтақаси юристлари халқаро ассоциацияси ва Россия халқаро ҳуқуқ ассоциацияси аъзоси, Париж-1 Сорбонна Университетининг таклиф этилган профессоридир.