ЁШЛАР ҲУҚУҚЛАРИ – БМТ КУН ТАРТИБИДА

 Ришард КОМЕНДА*

 

Ёшлар ҳуқуқлари масаласи  кўп йиллар давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кун тартибидан тушмай келмоқда. Чунки ёшлар жаҳон  аҳолисининг салмоқли қисмини  ташкил этади ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш барча давлатлар учун долзарб ҳисобланади.

Биргина Марказий Осиёда бугунги кунда ҳар  кишининг бир нафари 15-29 ёшдадир. Ўзбекистонда эса аҳолининг 60 фоиздан ортиғини 35 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Ҳозир жаҳонда 15-29 ёшдагилар дунёда аҳолининг ҳар қачонгидан кўра кўпроқ қисмини ташкил этади. Ана шу демографик воқелик ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт учун мислсиз имкониятлар яратади. Шу билан бирга, кўплаб ёшлар ўзларининг асосий ҳуқуқларини бузишга тўсқинлик қилаётган салоҳиятларини кўрмоқдалар.

Ёшлар 2030 йилгача бўлган даврдагиБарқарор ривожланиш мақсадларини  ишлаб чиқишда фаол қатнашдилар ва уни амалга оширишда иштирок  этмоқдалар.

Ёшлар ва ёшлар ташкилотлари Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва тенглик бўйича сафарбарлик орқали яхшироқ дунёни яратиш учун бебаҳо катализаторлар бўлиши мумкин. Биз бу имкониятни йўқотишга йўл қўя олмаймиз: иқтисодиётимиз, жамиятларимиз ва сайёрамизнинг равнақининг бугунги ва эртанги кун ёшларига боғлиқдир.

Дунё бўйлаб ёшлар катталарга қараганда уч баробар кўпроқ ишсиз, яъни 71 миллионга яқин ёшлар иш қидирмоқда. Улар иш топсалар ҳам, одатда, катталарга қараганда анча мураккаб шароитларда ва кўпинча тенг иш учун тенг ҳақ тўланмасдан меҳнат қилишади.

Бундан ташқари, 263 миллион болалар ва ёшлар мактаб таълимидан маҳрум. Бу эса таълим ва малака етишмаслиги туфайли уларнинг меҳнат бозорига ўтишларини қийинлаштиради. Ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқини ва меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш учун курашаётган кўплаб мамлакатлар ҳам ёшлар сонининг сезиларли ўсишини башорапт қилмоқдалар, натижада келгуси йилларда улар учун  муаммолар ортади.

Сўнгги йилларда бутун дунё ёшлар ўз ҳуқуқлари учун фаол курашмоқда ҳамда сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш  ва ўзларига яхши имкониятлар яратишни талаб қилмоқдалар. Бу эса кўплаб мамлакатларда муҳим сиёсий ўзгаришларга олиб келади.

Бироқ уларнинг йиғилишлар, уюшмалар ва сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқларига, кўп ҳолларда, риоя қилинмайди. Ёшларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштироки кўпинча келажак учун жиддий оқибатларга олиб келадиган қарорлар ва жараёнларда мазмунли иштирок этиш ўрнига маслаҳатлашувлар билан чекланади.

Ёшларнинг сиёсатга ва давлат қарорларини қабул қилишга жалб этилишини кучайтириш зарур. Ёшлар уларга таъсир кўрсатадиган сиёсатни ишлаб чиқишда асосий иштирокчилар бўлиши керак. Жаҳондаги аҳолининг  ҳар икки нафаридан бири 30 ёшга тўлмаган. Аммо дунё миқёсида парламент аъзоларининг атиги 2 фоизидан ҳам камроғи  30 ёшдан кичик йигит-қизлардир.

Ҳозирги кунда ёшлар дуч келаётган бир қанча муаммолар шошилинч чоралар кшришни  талаб қилмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш тенг ҳуқуқли жамиятларга ва ижобий ижтимоий ўзгаришларга олиб келиши мумкин ҳамда ёшлар олдинда турган муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши  мумкин.

Бугунги кунда ёш шахс бўлиш-бу муаммо эмас, балки бойликдир. Бугунги ёшлар рақамли жамият аъзоларидир. Улар интернет ва ижтимоий тармоқлар билан бирга ўсиб-улғайган. Шу билан бирга улар  ёш инсон бўлиш нимани англатиши ҳақида ўзларининг асосли фикрларини билдира оладиган кишилардир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унга аъзо давлатлар сўнгги йилларда ёшлар билан ишлашни тобора кучайтириб бормоқда. Бу қуйидагиларни қамраб олади:

- БМТ Хавфсизлик кенгашининг ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича иккита, яъни 2250 (2015 йил) ва 2419 (2018 йил)-сонли резолюцияларида халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда қўллаб-қувватлашда ёшларнинг асосий роли тан олинади;

- БМТнинг "Ёшлар - 2030" стратегиясиБМТнинг ёшлар бўйича фаолиятининг дастурамал  ҳужжати сифатида қабул қилинди. Стратегия ёшларни инсон ҳуқуқлари эгалари сифатида тан олади. Бу стратегиянинг бешта устувор йўналишидан бири ёшлар ва инсон ҳуқуқлари ҳисобланади;

- БМТ ёшлар стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлашда Бирлашган Миллатлар Ташкилотигааъзо давлатлар ҳам асосий роль ўйнаши мумкин. Бу борада биз Ўзбекистонни фаол давлатлардан бири сифатида биламиз.

Ёшлар учун масъул бўлган Бутунжаҳон вазирлар конференциясида 2019 йил бошида қабул қилинган ёшлар сиёсати ва дастурлари тўғрисидаги “Лиссабон+21” декларацияси ёшлар ҳуқуқлари соҳасида олға силжиш учун қўшимча имконият яратди.Декларацияда инсон ҳуқуқлари ва барча ёшларнинг асосий эркинликларини ёшлар сиёсати ва дастурларида инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни таъминлаш ва уларни режалаштириш, лойиҳалаш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва кўриб чиқиш белгилаб қўйилган.

Биз  ана шу йўналишларда олға силжишимиз ва Декларацияда  қайд қилинганидек уларни  амалга ошириш учун кенг қамровли миллий, минтақавий ва халқаро механизмларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилишимиз керак.

Ёшлар олдида турган муаммолар ва инсон ҳуқуқлари бузилишларини аниқлаш ҳамда бу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида талаба ва ёшлар ҳаракати ва ташкилотлари билан ишлаш учун марказий муассасаларда ва жойлардаги ваколатхоналарда ёшлар билан ишлаш бўйича ходимлар тармоғини яратиш муҳимдир.Шу нуқтаи назардан, бизнинг Бишкекдаги Марказий Осиё минтақавий идорамизда, Байрутдаги Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақавий идорамизда, шунингдек, Дакарда Ғарбий Африка бўйича минтақавий идорамизда ёшлар билан ишлаш бўйича ходим штатга киритилган.

Булар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёшлар билан ўзаро муносабатларни кучайтираётганига бир неча мисоллардир. Аммо ҳали кўп иш қилиш керак. Дунё миқёсида ёшларнинг аҳволини яхшилаш учун биз аъзо давлатларнинг ёрдами ва ҳамкорлигига умид қиламиз.

Биз ёшлар олдида турган муаммолар ва камситишларни тан олишимиз ва бунга қарши курашиш учун улар билан бирга ишлашимиз керак. Мен бугун нафақат ёшлар ва ёшлар вакиллари билдираётган фикрларини тинглашга, балки улар масалаларини ҳал қилиш учун зарур чоралар кўришга чақираман. Бу  ёшларнинг ўзларига тааллуқли масалар бўйича  қарор қабул қилишда фаол иштирок этишлари, уларнинг эркинлиги ва мустақиллигини кафолатлашга хизмат қилиши  мумкин. Бу ўринда гап ёшлар учун махсус муносабат ёки қўшимча ҳуқуқлар ҳақида эмас, балки уларнинг ўз ҳуқуқидан тўлиқ фойдалана олишларини таъминлаш ҳақида бормоқда.

Ёшлар шунчаки келажагимиз эмас, улар ҳозирги кунимиздир. Агар биз барқарор ривожланишга эришмоқчи бўлсак, ёшларнинг жамиятимиздаги ўрни ва мавқеини  янада юқори даражага кўтаришимиз керак.

 

*Ришард Коменда– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг вакили.