Samarqand Rezolyutsiyasi
“ЁШЛАР 2020: ГЛОБАЛ БИРДАМЛИК, БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ
ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ” САМАРҚАНД РЕЗОЛЮЦИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ИҲОКБ), БМТнинг Ўзбекистондаги мамлакат жамоаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда Ф.Эберт номидаги жамғарма билан ҳамкорликда 2020 йил 12-13 август кунлари “Ёшлар 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумини ўтказди.
Форумда БМТ ва унинг тузилмалари (ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, ЖССТ, ИҲОКБ, ЮНИСЕФ, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази), Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, хусусан, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Осиё Парламент ассамблеяси, Африка иттифоқининг етакчи вакиллари қатнашди. Шунингдек, Форумда миллий ва ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, ёшлар ташкилотлари, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, кенг илмий доиралар вакилларининг кўплаб намояндалари иштирок этди.
Биз, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчилари,
- 2020 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича анжуманнинг Хельсинки Якуний акти қабул қилинганининг 45 йиллиги, Янги Европа учун Париж Хартияси қабул қилинганининг 30 йиллиги, шунингдек Ёшлар ўртасида тинчлик, ўзаро ҳурмат ва халқлараро ҳамжиҳатлик ғояларини тарқатиш тўғрисидаги декларация қабул қилинганининг 55 йиллиги ҳамда Халқаро ёшлар кунининг 20 йиллиги нишонланишини, шунингдек ёшларнинг овозлари, ҳаракатлари ва ташаббусларини, уларнинг жамият ҳаётидаги муҳим, фаол, умумий ва адолатли иштирокини эътиборга олиш, шу билан бирга ёшларнинг гендер муаммолари ҳисобга олинишини таъминлашни таъкидлаган ҳолда,
- “ёшлик” — эркинлиги ўзида бўлмаган болаликдан мустақил шахс бўлиб балоғатга етиш ҳамда жамият аъзолари сифатида ўзаро боғлиқликни англаш даври эканини[1], амалий жиҳатдан эса “ёшлик” — қатъий белгиланган ёш гуруҳи эмас, балки унга турли жамоалар тасаввуридаги сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий-маданий талқинларга асосланган маданий тушунча сифатида қаралишини, бунда мустақил бўлмаган шахснинг мустақилликка ўтиш даври айрим ҳуқуқларга нисбатан турлича босқичларда содир бўлишини, айнан мана шу концепция чуқур англаниши сабабли БМТ қачонки ёшлар сиёсати ва стратегияларини миллий даражада амалга ошириш ҳақида сўз борганда, ёш гуруҳига ва ҳар қандай давлат томонидан ишлатиладиган “ёшлар” тушунчаси тавсифига янада масъулият ва қайишқоқлик билан ёндашишини тан олган ҳолда,
- ёшлар ҳуқуқлари ёшлар томонидан асосий ҳуқуқ ва эркинликларнинг тўлиқ амалга оширилишига тааллуқли эканлигини белгилаган ҳолда,
ушбу ҳуқуқлар одатда учта:
(а) таъминлаш: ёшларни озиқ-овқат, кийим-кечак, тураржой, таълим ва шу каби қулайлик ва хизматлардан самарали фойдаланиш имкониятлари билан таъминлаш;
(b) ҳимоя қилиш: зўравонлик, шу жумладан жисмоний, руҳий, психологик ва жинсий зўравонликдан ёшларни ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан ҳимоя қилиш;
(c) иштирок этиш: ёшларни уларнинг бутун ҳаётига алоқадор бўлган қарорлар қабул қилиш жараёнига фаол жалб қилиш ва бунда ёшларнинг ҳамкор сифатида қатнашишга кенг имконият яратиш тоифаларига бўлинишини назарда тутган ҳолда,
- ёшлар ҳуқуқлари – ҳамма фойдаланиши керак бўлган ва барчага тааллуқли ҳуқуқлар эканлиги, аммо баъзиларнинг ёши кичиклиги сабабли ушбу ҳуқуқлардан маҳрумлигини, бу эса ёшларга, баъзан очиқчасига, қонуний ёш чекловлари орқали, лекин бундан ҳам аҳамиятли ва ҳисобга олинмайдиган жиҳати – ёшларга нисбатан салбий муносабат, эътиқод, нотўғри қараш ва стереотиплар орқали таъсир қилиши, бу билан уларнинг қонуний ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлиши каби турли тўсиқларни ҳисобга олиб, ёшларга, айниқса, хотин-қизларга нисбатан камситишларга қарши фаол курашиш учун махсус ҳимоя зарурлигини таъкидлаган ҳолда,
- барча инсон ҳуқуқлари умумбашарий, яхлит, универсал, ўзаро боғлиқ, бир-бирини тўлдирувчи ва мустаҳкамловчи ҳуқуқлар эканлиги ҳамда барча инсон ҳуқуқлари адолатли ва тенг муносабатда, бир хил асосда, бир хил ёндашув ва бир хил эътибор билан кўриб чиқилиши кераклиги таъкидланган Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурига ҳавола қилган ҳолда,
- давлатларни 2030 йилгача Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини самарали амалга оширишга ва унинг натижадорлигини таъминлашга чорлаган ҳолда ҳамда дунё бўйлаб ёшларнинг жамиятда тўлиқ, самарали ва мазмунли иштирок этишини таъминлайдиган комплекс, миллий ва мақсадли стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини яна бир бор таъкидлаб,
- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг 2030 йилгача мўлжалланган Ёшлар стратегияси; Ёшлар манфаатлари бўйича бутунжаҳон ҳаракатлар дастури; тинчлик ўрнатишда ёшларнинг ролини эътироф этувчи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги БМТ 2250 (2015 йил) ва БМТ 2535 (2020 йил) резолюциялари; Бош Ассамблеянинг “Дунёмизни ўзгартириш: 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби” резолюцияси; Инсон ҳуқуқлари кенгашининг ёшлар ҳуқуқларига оид “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида”ги 41/13 (2019 йил) резолюцияси; 1975 йилдаги Хельсинки Якуний ҳужжати, Инсон хавфсизлигининг барча уч йўналиши бўйича мажбуриятларни бажаришда давлатларни қўллаб-қувватлашда ёшларнинг роли тўғрисида ЕХҲТ Вазирлар Кенгашининг 2014, 2015 ва 2018 йиллардаги ёшлар ва хавфсизлик бўйича декларациялари; “Умумий устувор йўналиш: ёшларга ўз салоҳиятларини ҳар томонлама намоён этиш имкониятини тақдим этиш йўли билан тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш” резолюциясини ўз ичига олувчи ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг 2018 йилдаги Берлин Декларацияси; Африка ёшлар хартияси; Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Иберо-Америка конвенцияси; Ёшлар ва ёшлар алмашинуви дастурларининг салоҳиятини кучайтириш зарурлигини таъкидловчи Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳаракатлар дастури – 2025; Ёшлар сиёсати ва дастурлари тўғрисидаги Лиссабон+21 декларацияси каби ҳужжатларни ўз ичига олган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасидаги халқаро ва минтақавий ҳаракатларнинг ҳиссасини эътироф этган ҳолда,
- яқинда ўтказилган халқаро, ҳудудий ва минтақавий даражадаги ёшларга оид халқаро конференциялар, форумлар ва глобал ташаббуслар, хусусан, 2017 йил ноябрь ва 2018 йил ноябрь ойларида Шарм-аш-Шайх шаҳрида (Миср) бўлиб ўтган Биринчи ва Иккинчи Бутунжаҳон ёшлар форуми, шунингдек 2019 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида (Ўзбекистон) Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 6-халқаро семинари каби тадбирларнинг ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда,
- Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва шартномавий органлар ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа тегишли халқаро ва минтақавий механизмларнинг алоҳида процедуралари, шунингдек, Бош котибнинг Ёшлар бўйича элчисининг ёшлар томонидан барча инсон ҳуқуқларининг амалга оширилишидаги тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этишга қўшган ҳиссасини қўллаб-қувватлаб,
- тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда ёшлар бажариши мумкин бўлган муҳим ролни ҳамда қарорлар қабул қилинишида ёшларнинг фаол, самарали ва инклюзив иштирокининг аҳамиятини таъкидлаб,
- Ёшларни Бутунжаҳон дастурининг Тўртинчи босқичидаги (2020-2024) мақсадли гуруҳга айлантириш ва Тўртинчи босқични 2030 йилга қадар Барқарор ривожланишнинг кун тартиби, хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 4.7-бандига мослаштириш тўғрисида қарор қабул қилган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 2018 йил 27 сентябрдаги 39/3-сонли резолюциясини миннатдорлик билан эътиборга олиб,
- ҳозирги ёш авлод кўп сонли эканини, дунё ҳали бунчалик кўп ёшларга эга бўлмаганини, шунинг учун давлатларни ёшларнинг барча инсон ҳуқуқлари, шу жумладан шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминлаш учун саъй-ҳаракатларга даъват этиб, ёшларнинг бу жараёнда иштирок этмаслиги ва уларга имкон бермаслик турли жамият ва ҳамжамиятлар учун салбий оқибатларга олиб келишини англаган ҳолда,
- ёшлар ёши кичиклиги сабаб ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ижтимоий қийинчиликларга дуч келаётганларини ва ёшларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга оширишида турли бўшлиқлар мавжудлигини тан олиб,
- COVID-19 пандемияси натижасида инсонлар ўлими ва улар ўз тирикчилигини йўқотиши, шунингдек иқтисодиёт ва жамиятдаги беқарорлик ва унинг бутун дунёда инсон ҳуқуқларини амалга оширишга салбий таъсири, айниқса унинг заиф гуруҳларга мансуб ёшларга номутаносиб таъсирига нисбатан ўз чуқур хавотиримизни қайта такрорлаб;
- БМТ Бош котибининг “Инсон ҳуқуқлари учун ҳаракатга чақирув”ини, шунингдек “Биз – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хоҳлайдиган келажак учун зарур: бизнинг жамоавий кўп қиррали мажбуриятимизни тасдиқлаш” ташаббусини қайд этиб;
- Ўзбекистон Республикасининг ёшлар эҳтиёжларини қондириш учун Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклифини мамнуният билан қабул қилган ҳолда,
Халқаро даражада қуйидагиларни тавсия қилдилар:
- асосий манфаатдор томонлар, хусусан, БМТнинг Ёшларни ривожлантириш бўйича идоралараро тармоғи ва БМТнинг Тараққиёт дастури ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, сиёсатни мувофиқлаштириш, илғор тажрибаларни алмашиш, манфаатдор томонлар доирасини кенгайтириш ва ўзаро сиёсатнинг устувор йўналишлари бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
- Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияга биноан уларнинг ҳуқуқларини шакллантириш ва рағбатлантириш орқали ёшлар дуч келадиган аниқ муаммоларни ҳал қилиш учун ҳамкорликда фаол ишлаш;
- ёшлар ҳуқуқларини ҳисобга олишни таъминлаш учун мавжуд инсон ҳуқуқлари воситалари ва механизмларидан фойдаланиш, хусусан, уларни ёшлар ташкилотлари, ҳисобдорлик ва келгуси фаолиятнинг миллий механизмлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар томонидан миллий маслаҳатларга жалб қилиниши орқали Универсал даврий ҳисобот доирасида кўриб чиқиш механизмини такомиллаштириш;
- Ёшларнинг ривожланиш индекси тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва ундан келажакдаги тараққиёт мезони учун ёрдамчи восита сифатида фойдаланиш ва уни кенг оммалаштиришни ташкил этиш;
- қашшоқликнинг барча шакл, меъёр ва омилларига барҳам бериш, барқарор ривожланиш учун иқлим ўзгариши ва сиёсий, иқтисодий, ижтимоий тенгсизликни йўқотишда ёшларнинг шижоати ва салоҳиятини мустаҳкамлашга йўналтирилган экологик сиёсат ва ташаббусларни, хусусан, ривожланаётган мамлакатларда рағбатлантириш мақсадида Ёшлар манфаатларини кўзловчи бутунжаҳон ҳаракатлар дастурини 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш кун тартибига мувофиқлаштириш;
- муҳожирлар, қочқинлар ва қуролли можаролар жабрдийдаларининг аксариятини ёш йигитлар ва хотин-қизлар ташкил этишини, шунинг учун мавқеидан қатъи назар, уларни қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб қилиш орқали инсон ҳуқуқлари ва ёшларнинг асосий эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш зарурлигини тан олиш;
- ёшларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиши ва барча инсон ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг имкониятлар, таълим, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва техник ҳамда касбий тайёргарликнинг, шунингдек, ёшларни доимий ўқитиш имкониятлари ва раҳбарий кўрсатмаларнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш;
- қуролли можаролар ва бундай можаролардан кейинги вазиятларда барча ёшларни, айниқса, хотин-қизларни, муҳожирлар, қочқинларни ва мамлакат ичида кўчирилган кишиларни ҳимоя қилиш ва уларнинг тинчлик жараёнларида иштирок этиши халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва мустаҳкамлашга сезиларли даражада кўмаклашиши, бу омил ҳар қандай можароларни ҳал қилиш ва тинчлик ўрнатиш стратегиясининг муҳим таркибий қисми бўлиши мумкинлигини тан олиш;
- гуманитар ёрдамнинг самарадорлигини оширишда қарорлар қабул қилиш жараёнларида, шу билан бирга, бироқ чекланмаган ҳолда, инсонпарварлик ёрдамларини режалаштириш ва бунга жавоб беришдаги қарорларнинг қабул қилинишида ёшларнинг иштироки муҳимлигини, шунингдек можаролар ва можаролардан кейинги вазиятларда тобора тез-тез учрайдиган, оғир об-ҳаво ва табиий офатлар, ёшлар ҳаёти ва уларнинг келажагига таъсир қиладиган жамоат саломатлиги муаммолари, шу жумладан COVID-19 пандемиясига жавобан миллий, маҳаллий ва жамоатчилик салоҳиятини кучайтиришда ёшлар алоҳида роль ўйнашини тан олиш ва шу муносабат билан иштирокчи-мамлакатларни ёшларни бу борада қўллаб-қувватлаш ва қарорлар қабул қилишда иштирок этиш жараёнларига рағбатлантиришга чақириб;
Иштирокчи-давлатларни қуйидагиларга даъват этади:
- демократия маданиятини рағбатлантириш, ёшларни давлат ишларига тўлиқ жалб қилиш, уларга одил судловдан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш ва ёшларнинг вакиллигини сезиларли даражада ошириш, навқирон инсонларни маҳаллий, миллий ва халқаро даражадаги қарорларни қабул қилишда иштирок этишга жалб қилиш орқали уларнинг имкониятларини кенгайтириш тавсия этилади. Шу мақсадда давлат лавозимларига номзодларнинг ёшини, шунингдек, овоз бериш ёшини камайтириш бўйича қонуний чоралар кўриш;
- барчани тенг имкониятлар билан таъминлашга кўмаклашиш, ёшларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини, шу жумладан, ёши, ирқи, танасининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқоди, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ёки бошқа ҳолати бўйича камситишларга барҳам бериш;
- ёшларни институционал сиёсий жараёнлар ва сиёсатни ишлаб чиқишдаги иштироки ва уларнинг жалб қилиниш даражаси бошқа ёш гуруҳларига нисбатан пастлигини ва улар парламентлар, сиёсий партиялар ва давлат бошқаруви каби сиёсий институтларда номутаносиб равишда иштирок этаётганини тан олиш;
- дипломатик ҳаракатлар ҳамда низоларни ҳал этишда етакчи роль ўйновчи ёш парламентарийлар Форумини ташкил этиш ва шу тарзда демократияни мустаҳкамлаш, тинчлик, хавфсизлик ва аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни таъминлаш;
- ёшлар бошчилигидаги ташкилотлар ва ёшлар ташкилотлари билан маслаҳатлашган ҳолда, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда турли сиёсат, дастур ва ташаббуслар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, хусусан, 2030 йилгача бўлган давр учун Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга оширишда тегишли қарорлар қабул қилиш ва мониторинг жараёнларида ёшларнинг тўлиқ, самарали, тизимли ва барқарор иштирок этишини таъминлаш учун янги ташаббусларни илгари суриш;
- ёшларга фикр билдириш ва уни ифодалаш эркинлиги, ахборот олиш ҳуқуқи ва уюшмалар, йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқларини амалга оширишлари учун қулай шароитлар яратиш;
- ёшларга қаратилган, уларни ривожлантириш сиёсати ва дастурларини кўзловчи илмий асосланган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, шунингдек инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга асосланган кенг кўламли ёндашувни таъминловчи тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш;
- ёшлар, хусусан, ёш хотин-қизларни камситувчи қонунлар, қарорлар, сиёсат, амалиёт ва қадриятлар, урф-одатларни кўриб чиқиш ва керак бўлса, уларни ўзгартириш, тўлдириш ёки бекор қилиш каби барча зарур чоралар кўрилишини таъминлаш;
- БМТнинг Универсал даврий ҳисоботи ва шартномавий органлари доирасида ёшларнинг барча инсон ҳуқуқларидан тўла ва тенг равишда фойдаланиши, ёшларнинг инсон ҳуқуқларини амалга оширишда тўпланган илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш имконияти, шунингдек БМТнинг устав ва шартнома органларига тақдим этилган ҳукумат ҳисоботларида инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги маълумотларни алоҳида ахборот ва кўрсаткичлар кўринишида тақдим этиши мумкин бўлган ҳисобдорлик ва келгуси фаолиятнинг миллий механизмлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар каби самарали мониторинг ва баҳолаш механизмларини яратиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;
- ёшлар иштирокини чеклайдиган ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий, рақамли ва маданий тўсиқларни олиб ташлаш ва маданиятлараро ва динлараро мулоқот ва ҳамжиҳатлик мақсадларида трансчегаравий ёшлар алмашинув комплекс ва мақсадли дастурларида мустақил ёшлар кенгашлари, ҳаракатлари ва тармоқларини яратишни қўллаб-қувватлаш орқали рағбатлантириш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож ва маргиналлашган ёшлар гуруҳлари, айниқса, ёш хотин-қизлар, ногиронлар, озчилик гуруҳларига мансублар, мигрантлар ёки бошқа ҳар қандай заиф қатлам гуруҳларига мансуб ёшларнинг бошқалар билан тенг равишда ижтимоий интеграциясини қўллаб-қувватлаш;
- меҳнат мигрантларининг ҳуқуқини таъминлаш, хусусан, уларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, иш жойида хавфсиз меҳнат шароитини таъминлаш, ёшларнинг бажарадиган хизмат вазифалари уларнинг ёшига ҳамда саломатлигига мувофиқ бўлиши, шунингдек ижтимоий суғурталаниши бўйича ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш;
- рақамли тенгсизликни бартараф этиш учун ёшларнинг ишончли, хавфсиз ва ёшлар учун фойдали бўлган ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда фан, техника ва давлат сиёсати соҳаларида инновацион ва барқарор ривожланиш қарорларини ишлаб чиқишдаги ҳамкорликка кўмаклашиш;
- ёш тадбиркорларни молиялаштириш ва уларнинг салоҳиятини ошириш бўйича дастурлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш орқали тадбиркорликни рағбатлантириш;
- ёшларга соғлиқни сақлаш тизими ва тиббиёт муассасалари доирасида асосли қарорларни қабул қилишда ёрдам бериш учун уларнинг ривожланаётган қобилиятлари ва диний/маданий келиб чиқишига кўра илмий асосланган, илмий жиҳатдан аниқ, уларнинг ёшига мос келувчи, репродуктив саломатлик соҳасида соғлик, руҳий баркамоллик ва маънавият каби омилларни қамраб олувчи сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқиш;
- таълим муассасаларини ҳар қандай зўравонликдан холи жой сифатида ҳимоя қилиш ва уларнинг барча ёшлар, шу жумладан, имконияти чекланган ёшларга очиқ бўлишини таъминлаш, шунингдек ёш хотин-қизларнинг таълим олишда тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши чораларини кўриш;
- ёшларнинг феъл-атворини шакллантиришга эътибор қаратиш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тўғрисида хабардорлигини ошириб, ёшларда экстремизм ва ёт ғояларга қаршилик кўрсатиш, шунингдек уларни келажакда турли даражадаги ўз вазифаларини бажаришлари учун тайёрлаш каби кўплаб мақсадларга нисбатан ҳурмат руҳини шакллантирган ҳолда ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олишларини таъминлаш;
- БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги янги конвенцияни қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг ташаббусини инобатга олиш.
Биз — Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчилари ёшларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда амалга оширишда халқаро ва минтақавий ҳукуматлараро ташкилотларнинг муҳим ролини, шунингдек давлатларнинг кўмагини таъкидлаган ҳолда, Самарқанд резолюциясини Ўзбекистон Республикаси Президентига, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига ва бошқа халқаро ташкилотларга йўллаймиз.
Самарқандда қабул қилинган (видеоконференция шаклида)
2020 йил 12-13 август.
[1]https://unevoc.unesco.org/go.php?q=TVETipedia+Glossary+A-Z&filt=all&id=9